Поток экспертного мнения UZ

Келажак тадбиркорлари учун университет

Maqolalar
Хабарингиз бор, яқинда ТЕАМ университетига олий таълим муассасаси унвони берилди (Вазирлар Маҳкамасининг 18-апрелдаги 241-сонли қарори, ҳужжат билан қуйидаги манзилда танишиш мумкин: https://lex.uz/ru/pdfs/4793534).
Бу, албатта, биз учун катта хурсандчиликдир. Жамоамиз, хусусан ҳамкорларимизни барчангиз танийсиз. Улар: Зафар ака Ҳошимов, 30 йилдан узоқ тадбиркорлик тажрибасига эга бўлган акамиз, дўстимизлар. Энди бўлса шеригимиз ҳисобланадилар.
22 йиллик қадрдон дўстим - Музаффар Касимов, у бир тарафдан “HM Partner’s”даги асосий шеригим.

Улардан ташқари Тимур Абдуқаюмов ва Валентина Прокофьевалар. Улар “Батискаф Консалтинг” бошкарувчи рахбарлари, мана бир неча йиллардан буён ушбу лойиҳага лойиҳа бошқарувчиси сифатида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда. Энди бўлса ТЕАМ Университетининг таъсисчиси нуфузига сазовор бўлишди.
Бошқа тарафдан эса лойиҳамизнинг илмий йўналиши бўйича ўзининг беқиёс олимлик салоҳияти, тажрибаси билан ўзининг қимматли маслаҳатларини аямаган муҳтарам олим Алан Франс лойиҳамиз раҳбаридир.
Алан Франс - Буюк Британия фуқароси, Ўзбекистонда деярли 18 йилдан бери яшаб, ишлаб келмоқда, Вестминстер Университетининг биринчи проректори, Британия империяси ордени соҳиби ҳамда ажойиб, самимий инсон. У энди ТЕАМ университети Васийлик Кенгашининг раиси ҳамдир.
Бизлар билан елкадош бўлган яна бир маслакдошимиз Алишер ака Ҳасановдир. Улар анча йиллар мобайнида Вестминстер университетида Молия бўйича проректор лавозимида фаолият олиб борганлар. Алишер ака кейинчалик нуфузли халкаро аудиторлик компаниясида ҳам ишлаган. Ҳозир бўлса, ТЕАМ университетимизнинг ректор лавозимига тайинландилар.
Вазиятни қарангки, лойиҳамиз тадбиркорлик ғоясини амалга оширишнинг яққол кўзгуси бўлди. Дастлаб янги ғоя тадбиркорнинг хаёлига ўрнашади, у ғояни амалга ошириш чора-тадбирларини излай бошлайди, ғоясидан улкан завқ олиб руҳланади, илҳомланади ҳамда ўзининг жамоадошлари ва фикрдошларини излай бошлайди. Ғоя муаллифи унинг муваффақиятли амалга ошишига ишонади ҳамда атрофидагиларни ҳам ишонтиради. Навбатдаги босқичда эса зарур бўлган рухсатномалар олинади.
Босиб ўтиладиган йўл қанчалик машаққатли бўлмасин, бошга тушадиган синовлар оптимизм, қатъиятли ирода билан дадил қабул қилинади. Натижада эса билдирилган барча фикр ҳамда мулоҳазалар, албатта лойиҳа фойдасига хизмат қилади.
Ўзбекистонда илк бор Тадбиркорлик бўйича хусусий университетига асос солиниши, дарҳақиқат ажойиб эмасми?!..
Дарвоқе, бир нечта одамдан эшитгандим, 80-йилларнинг охирида Ўзбекистонда шундай ташаббуслар амалга оширилган экан. Кейинчалик 90- йилларнинг бошида ҳам ҳатто баъзи ОТМ таъсис килинган экан, аммо афсуслар бўлсинки, улар кейинчалик турли сабабларга кўра ёпилиб кетган. Тўғри, мустақиллик давримиз осон кечмади. Бу бор гап. Таълим сохасида ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам бўлганлигидан юз ўгириб бўлмайди, бу ҳам факт.

image
Узоқка бориб нима қиламиз, ўзим ҳам абитуриент бўлганман, университетга кириш қийинчиликлари бошимдан ўтган. Яхшиямки, ота-онамиз, узоқни кўрган, ҳаёт қийинчиликларини бошидан ўтказган, бироқ шуларга қарамай илмнинг қадр-қимматига жиддий аҳамият берган инсонлар эмасми, олийгоҳга киришимдан бир йил аввал математика, инглиз тили каби бошқа фанлар билан жиддий шуғулланишимга алоҳида эътибор қаратиб фанлар бўйича билимимни оширишга нисбатан барча диққат-эътиборимни жалб қилинишига анча илгари эътибор қаратишган.
11-синфда ўқиб юрган даврларим қўшимча машғулотларга мунтазам қатнаш, фанлардан бўладиган оқшом дарслари билан ўтгани ҳамон эсимда. Ўша пайтлар мен Тошкент Давлат иқтисодиёт университети қошидаги академик лицейда аълочи бўлиб ўқирдим. Хаёлимда фақат “НАРХОЗ”га кирсам ҳам катта гап” деган фикр айланарди. Халқ орасида ўша пайт НАРХОЗга таниш-билишсиз кириш амри-мақол деган гап айланарди.
Менинг омадли жиҳатим, адамлар - “Ўғлим, Дипломатия университети очилибди. Омадингни ўша ерга кириб синаб кўрмайсанми?” – деб тўғри йўналиш берганларидадир. Ҳозир менинг бош маслаҳатгўйим отам саксон ёшдалар. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин!
Бир-икки ой олдин ота-ўғил ўртасида қизиқ бир суҳбат бўлди. Профилактик назоратдан ўтиш учун шифокор ҳузурига бордик. Бир соатлар чамаси шифокорни кутиб қолиш арафасида анча мириқиб суҳбатлашиб ўтирдик. Таъкидлаб ўтишим керакки, адамлар зиёлинамо фикр алмашиш доирасидаги муҳокама жараёнини яхши кўрадилар. Хулласи калом, муҳокама мавзуимиз доирасида Трампни ҳам, Путинни ҳам, жаҳон иқтисодий инқирозини ҳам гаплашдик, биз муҳокама қилмаган мавзу қолмади.
Адамларнинг шундай одатлари бор: бир гапга тушиб кетсалар, айниқса набиралари даврасида дунёда нечта мамлакат бор, тарихдаги энг машҳур президентлар, Иккинчи Жаҳон урушининг асоратлари, сиёсат, иқтисодиёт борасидаги деярли барча мавзуларда эринмайгина суҳбат қурадилар.
Ҳалиги ота-бола ўртасидаги суҳбатимизга қайтсак, гапга шунчалик берилиб қизғин муҳокама қилдикки, адамларнинг озгина жаҳллари чиққандек бўлди:
- Ўғлим, шу ман билан “спорлашаверасанми”?!... Хўп, дейишниям билмайсан-а? Отангман, ахир – дедилар ҳазилнамо.
- Ада, ахир ўзингиз “Дипломатияга ўқишга кир” деб кўндиргансиз. Кўриб турганингиздек, буларнинг барчаси ҳафталик дебатлар, сиёсат, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар бўйича қилинган баҳс-мунозараларнинг асорати. Шундай эмасми? Мана ўзингиз етиштирган меванинг ҳосилини ўзингиз олаяпсиз, - дедим кулимсираб.
- Ҳа, ўшанда тинчгина “Сельхоз”га ўқишга топширгин, деб маслаҳат берсам бўларкан-а... Ман билан баҳслашмай, тинчгина жииим ўтирардинг. Ҳеч бўлмаса, картошка, пиёз қандай етиштирилиши кераклиги ҳақида сипогина бўлиб гапириб берардинг, - дедилар ёлғондан “ачинган бўлиб”.
Ҳаҳолаб нақд 15 дақиқа тинмай биргаликда кулибмиз ўзиям... Хонага кириб қолган шифокор бизни кўриб лол-у ҳайрон...
Мана шундай гаплар.
Айтгандек, агар қарши бўлмасангиз, кейинги мавзуларимизда таълим мавзуси бўйича фикр юритамиз...
Навбатдаги хабаримиз эса Тадбиркорлик университети нималиги хусусида бўлади.
Made on
Tilda