Поток экспертного мнения UZ

Алишер Хасанов билан интервьюнинг тўлиқ версияси

Мақолалар
“Биринчи тадбиркорлик университети” - Тошкентда бўлажак бизнесменларни тайёрлайдиган олий таълим муассасасини очишни режалаштиришмоқда. Spot.uz да чиққан мақоладаги Алишер Хасанов билан интервьюнинг тўлиқ версияси
– Бугун университетлар нима учун керак ва Ўзбекистондаги олий таълим тизими олдида қандай муаммолар турибди?

– Бутун дунё билимлар иқтисодиётига қараган йўналиш бўйлаб ҳаракатланмоқда, у ерда эса, ривожланишнинг асосий омиллари билим ва инсон капитали ҳисобланади. Билимлар иқтисодиётидаги университетлар – бу флагманлар яъни энг керакли бўлган университетлардир, шунингдек, у фан ва амалиёт бирлашадиган муҳит бўлиб, у ердан инновациялар ва технологиялар оммавий ишлаб чиқаришга ўтади. Муаммо шундаки, келиб чиқаётган ўзгаришларнинг тезлиги шу қадар тезки, баъзи билим соҳалари 3-7 йил ичида эскириб қолмоқда, саноат эса таълим муассасаларининг ўзгаришга мослашишини кута олмайди.

Бу ўринда эса университетлар ўзларининг таълим соҳасидаги долзарблигини исботлашлари керак бўлади. Улар нафақат ўзгаришларга тез мослашишлари, балки 3-5 йилдан кейин битирувчилар қандай кўникмаларга эга бўлишлари кераклигини олдиндан кўра олишлари керак бўлади. Ўзбекистон учун бу вазифа икки баробар қийинроқ. Юқорида санаб ўтилган муаммолар билан бир қаторда, олий таълим соҳаси бутун муҳитни қайта шакллантириши ва бунда одамларни олий таълимга қамраб олишни бир неча баравар кўпайтириши керак, шунингдек юқори тоифали олий таълимга эътибор қаратишдан оммавий олий таълимни кўпайтиришга ўтиш йўлини ҳам босиб ўтиши керак. Кўпгина олий таълим муассасалари марказлаштирилган бошқарувдан воз кечиб мустақил ўзини-ўзи бошқарув тизимига ўтиши керак ва бунда улар курслар ва ўқув дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқишдан бошлаб, қабул қилинадиган талабалар сонини белгилаш ва олий таълим муассасаси фаолиятини молиявий-иқтисодий бошқаришгача мустақил фаолият олиб бориши керак.

– “Тадбиркорлик университети” нима ўзи? Бу ҳудди “тижорат” каби эшитилади. У ерда нималар ўргатилади ва умуман тадбиркор бўлишни ўргатиш мумкинми?

– Тадбиркорлик университети тушунчаси янги тушунча эмас ва у ўтган асрнинг охиридан бошлаб ривожланган мамлакатларнинг университетлари доирасида фаол қўлланиб келмоқда. Тадбиркорлик университети – табиий инкубатор бўлиб, у университет жамоаси ижтимоий-иқтисодий тадбиркорлик ташаббусларига айлантирилиши мумкин бўлган ғояларни тадқиқ қилиши, баҳолаши ва фойдаланиши учун қулай муҳитни таъминлаб беришга ҳаракат қилади. Тадбиркорлик университетлари ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш, ҳамкорлик қилиш ва биргаликда иш олиб бориш учун қулай муҳит яратиб бериш мақсадида ҳамкорлик алоқалари, тармоқлар ва бошқа муносабатларда иштирок этадилар.

Бизнинг мақсадимиз ҳам шундай – битирувчиларни тизимли, тадбиркорлик дунёқараши билан тарбиялаш. Биз рақобатбардош ва технология борасида етакчи бўлган, келгусида стартаплар яратишга ва маҳаллий маҳсулотлар ва хизматларни ташқи бозорларга олиб чиқишга қодир битирувчиларни тайёрлашга бор диққатимизни қаратганмиз. Бизнинг университетимизнинг ўқув дастури, бир томондан, “юмшоқ” кўникмаларни (тадбиркорга хос фикрлаш, етакчилик, ижодкорлик, маълумотни таҳлил қилиш) ривожлантиришга, иккинчи томондан эса, асосий фундаментал билимлар билан таъминлаш ва уларни амалда мустаҳкамлашга асосланади.

Хорижий ҳамкор университетларнинг қўллаб-қувватлаши билан биз аниқ бир лойиҳани амалга ошириш бўйича тренинглар ўтказиш жараёнларида, ҳақиқатда мавжуд бирор компаниянинг ишини модделлаштириш мумкин бўлган тақлидий ўйин тарзидаги жараёнларда, шунингдек, ҳолатларни ўрганишда, project-based learning каби энг муҳим ёндашувлар ва усулларни жорий қиламиз. Биз таълим жараёнларига энг яхши маҳаллий ва хорижий ўқитувчилар ва амалиётчиларни жалб қилишни, ўқув дастурига эса, саноатнинг энг сўнгги муаммолари ва ечимларини киритишни режалаштиряпмиз.

Тошкент шаҳридаги университетнинг очилиши билан бир вақтда Термиз шаҳрида TEAM Universityʼнинг филиали ҳам очилади. Бу олий ўқув юртининг Сурхондарё вилоятидаги биринчи хорижий филиали бўлади. Биз у ерда дастлабки босқичда Тошкентда амалга ошириладиган дастурлар билан айни бир бўлган дастурларни ишга туширишни режалаштирмоқдамиз, аммо филиал ўзининг салоҳиятининг ривожланиб боргани сари, кўпроқ минтақанинг илмий ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларига йўналтирилади.

ТEАМ университети – бу академик доира вакиллари ва келгусида битирувчи талабаларнинг иш берувчиси бўлган тадбиркорларнинг ғояларининг ўзаро уйғунлигини ифодалайди. Ўзбекистоннинг бизнес ҳамжамияти шу тариқа мамлакатимизда олий таълимнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Уни минтақадаги эртанги бизнес муҳити қандай бўлишини биладиган ва бизнес жараёнларида ишлаш учун ва уни бошқаришни билиш учун қандай ходимлар кераклигини, бизнес ғояларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни кимга ишониш мумкинлигини биладиган компаниялар раҳбарлари бошқаради.

– Сиз ҳозир қайси босқичдасиз? TEAM Universityʼнинг очилиши қачонга режалаштирилмоқда?

– TEAM Universityʼни ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси оммавий муҳокамадан ўтди, умид қиламизки, у яқин келажакда имзоланади. Сўнгги олти ой ичида кенг кўламли тадқиқотлар ташкиллаштирилди, маҳаллий ва таниқли хорижий олий таълим муассасаларнинг ректорлари, кўплаб хорижий мутахассислар билан, жумладан, “Сколково” бизнес мактабининг биринчи ректори, Россия Федерацияси олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича 5-100 кенгаши раиси ўринбосари Андрей Волков; профессор, “Марказий Осиё ва Кавказ институти” директори, Оберлин институтининг собиқ ректори АҚШлик Фредерик Старр; “Сколково” бизнес мактабининг тадбиркорлик дастурлари директори Элена Бондаренко ва бошқа кўплаб мутахассислар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа бўйича бўлиб ўтган фасилитация сессияси доирасида Ўзбекистонга доктор Рэндалл Роудс – Арманистондаги биринчи Америка университети проректори ташриф буюрди. Шунингдек, ўтган йили стратегик ҳамкорлик доирасида Буюк Британия университетларининг ўнлаб вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳозирги вақтда стратегик ҳамкорлик, ҳамда Тошкент ва Термиздаги TEAM Universityʼда Британия ўқув дастурини очиш бўйича якуний музокаралар олиб борилмоқда.

Биз 2020 йилнинг ёз ойлари охирига қадар талабаларни бакалаврлик дастурлари бўйича биринчи қабулини амалга оширишни режалаштиряпмиз.
Made on
Tilda