Поток экспертного мнения UZ

Алан Франс интервьюсининг тўлиқ версияси

Мақолалар
“Биринчи тадбиркорлик университети” - Тошкентда бўлажак бизнесменларни тайёрлайдиган олий таълим муассасасини очишни режалаштиришмоқда. Алан Франц интервьюсининг тўлиқ версияси
– Сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистондаги олий таълим тизими марказлашган бошқарувдан марказлашмаган бошқарувга ўтиш ва глобаллашиш шароитида мослашиш ва ривожланиш заруратига дуч келди. Бунда асосий тўсиқ бўлган омил тизимнинг масъул вазирликлар томонидан назорат қилинадиган юқори даражада марказлаштирилганлиги эди. Бу диверсификацияланган ўқув дастурларини ишлаб чиқишни, ўқитишнинг янги усулларининг пайдо бўлишини ва таълим соҳасига замонавий технологияларнинг кириб келишини чеклаб қўйганди. Вестминстер, Инҳа каби халқаро университетларнинг пайдо бўлиши, қандай қилиб олий таълимда янги жараёнларнинг ривожланиши бутун мамлакатимиз тараққиётига фойда келтириши мумкинлигини кўриш имконини берди. Қабул қилинган концепцияда асосий эътибор танқидий фикрлаш, мустақил таълим бериш, виртуал тизимлардан фойдаланиш ва шу кабилар бўйича таълим бериш дстурини жорий этишга қаратилган. Менинг фикримча, бугунги кунда вазирлик ва таълимга жалб этилган бошқа идоралар олдида турган асосий муаммо бу ўзгаришларни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳақиқий суръатларини ҳужжатларда баён этилгани билан мувофиқлаштириш заруратидир. Нафақат давлат олий таълим муассасалари, балки янги иш бошлаган университетлар ҳам катта даражадаги мустақиллик нуқтаи назаридан сифатли ўзгаришларни амалга оширишлари керак. Университетлар раҳбариятларининг дунёқарашини либераллаштириш, келгусида амалга оширишни кўзлаб ўзларининг ўқув дастурлари ва курсларини, яъни биз бутун дунёда кўриб турган трендни ишлаб чиқиш қобилиятига эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Ишончим комилки, вазирлик томонидан олиб бориладиган марказлаштирилган бошқарувни қисқартириш яхшироқ ва сифатлироқ таълим олишни таъминлашга имкон беради, чунки мустақиллик ва ўз келажагига таъсир қилиш имконияти ўз-ўзидан жавобгарлик ҳиссини келтириб чиқаради.

Ушбу жавобгарлик университетлардаги бошқарув услубини ўзгартиришга мажбур қилади. Жараёнларнинг шаффофлиги ҳисобига барча манфаатдор томонлар – талабалар, ота-оналар, иш берувчилар – нафақат таълим сифатига нисбатан ишончни ҳис қилишлари, балки бу сифатни таъминлашда ва такомиллаштиришда бевосита иштирок этишлари мумкин бўлади.

– Концепция доирасида олий маълумотли битирувчиларни қамраб олинишини ҳозирги 20% дан 50% гача ошириш ва нодавлат олий таълим муассасаларининг сонини 5 тадан 35 тагача кўпайтириш бўйича мақсадли кўрсаткич тасдиқланди. Бошқа давлатлар бу босқичдан қандай ўтдилар, тартибга солувчи тизим ва олий таълим муассасалари ўртасидаги муносабатлар қандай йўлга қўйилди?

– Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясида асосий мақсадли кўрсаткичлардан бири 2030 йилга келиб битирувчиларни қармаб олишни 20% дан 50% гача оширишдир. Шу билан боғлиқ ҳолда, олий таълим муассасалари сонининг ошиши билан бирга бутун бу тизимни таъминлаш харажатларининг ҳам ошиб бориши жиддий ташвишни келтириб чиқаради. Шу тариқа, нафақат қамраб олиш даражасини ошириш, балки молиялаштириш шакли ва бу учун ким пул тўлаши масаласи ҳам жуда долзарб масалалардан бўлиб қолади.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда бу муаммо талабалар билан муносабатларни тижоратлаштириш, кредитлар бериш ва бошқа шаклда молиялаштириш орқали ҳал қилинмоқда. Гарчи бу ҳар доим ҳам энг яхши усул бўлавермайди – масалан, Америка Қўшма Штатларида молиялаштириш тизими юқори даражада ривожланиб боргани сари, “инвестициялар”нинг қайтарилишини таъминлаш, яъни битирувчилар ишга жойлашганидан кейин олинган таълимни реал даромадга айлантириш бўйича тобора кўпроқ муаммолар пайдо бўлмоқда. Буюк Британияда ҳам таълимни кредитлаш усуллари нисбатан кенг тарқалган бир пайтда ишга жойлашишда таълимнинг аҳамияти масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Шу тариқа, таълим нархини оширишдан кўриладиган самара икки баравар ортади – бир томондан, университетлар ривожланиш учун кўпроқ маблағ жалб қилади, иккинчи томондан, шаффофлик кучаяди ва таълим сифати ўсиб боради – талабалар ўз пуллари эвазига нисбатан қаттиқроқ талабларни қўядилар.

Такрор айтаман, қанчалик мантиққа зид бўлмасин, таълим нархининг ошиши нафақат олий таълим муассасасининг барқарорлигини ошишига, балки таълим сифатини яхшинишига ҳам олиб келади. Шундай қилиб, таълим сифати талабалар орқали бозор механизмлари ёрдамида мустақил равишда тартибга солинади. Бу вазирликлар фаолиятининг таълим тизимини тартибга солувчи табиатидан воз кечиб, нафақат талабаларнинг баҳолаш воситаларини жорий этиш орқали “мижоз тажрибаси” ни такомиллаштиришга, балки университетларнинг ривожланган рейтинг тизимларини жорий этиш билан таълим беришга ҳам бор диққатни қаратишга олиб келади. Охир-оқибат, бу ҳамма учун фойдалидир.

Шундай қилиб, хусусий таълим эркинлиги таълим сифатини яхшилаши керак, чунки бу университетларга рақобатбардош бўлиб, маблағлардан энг самарали фойдаланишни аниқлашда эркинликни оширади.

Хулоса қилиб шуни таъкидлашни истардимки, таълим муассасаларининг мустақиллиги кўпроқ жавобгарликни ва шунинг учун таълим сифатини оширишни таъминлайди.
Made on
Tilda